Диана Еникееванинг ўлими, Президентнинг Сайхунободдаги нутқи, Бош вазирнинг мажбурий меҳнат масаласига бағишланган селектор йиғилиши, вазирларнинг иқрорлари… Сўнгги бир ой ичида таълим тизими, хусусан, ўқитувчилар муаммолари яна долзарб масала сифатида кун тартибидан ўрин олди (замонавий атама билан айтганда, трендга чиқди). Бунинг ҳам ижобий, ҳам салбий томонлари бор: ижобий томони – муаммолар айтиляпти, ҳал қилиняпти. Салбий томони эса ҳаммаси айтилмаяпти, демак, охиригача ҳал бўлмаяпти.
Ўқитувчиларнинг малакаси, обрўси, дарс сифати, таълим даражасини ошириш каби мавзуларда сўз борар экан, ҳар нарсани ўз номи билан аташ ва борича санаш керак, бўлмаса, биз иллатнинг ўзи эмас, оқибатлари билан курашиб, вақтни бесамар ўтказаверамиз.
Бугун ўқитувчининг муаммоси фақат мажбурий меҳнат эмас. Уни йўққа чиқариб, таълим тизимини катта балодан халос этдик, энди ҳаммаси яхши бўлади, дея ўзимизни овутиб кетаверишимиз ёмон, жуда ёмон оқибатларга олиб келиши мумкин.
Вақтида атрофлича таҳлил қилиб, ташхисларни қўйиб, комплекс чоралар кўриш, ўқитувчини дарсдан чалғитувчи, обрўсига путур етказувчи, алалоқибат, таълим тизимига зарар берувчи иллатларнинг барига қарши ёппасига курашиш даври келди.
Хўш, ўқитувчини дарсдан, болалардан нима “ўғирлаб” олиб қўйяпти? Нималар уни малакасизлантиряпти, обрўсизлантиряпти, касбидан кўнглини совитяпти?
• Мажбурий меҳнат. Бу борада кўп нарса ойдинлашди. Демак, таълим ходимларини мажбурий меҳнатга жалб қилиш бор экан, бу тан олинди ва унга қарши кураш бошланди. Самараларини кутамиз. Бироқ бир ёзу бир қишни кўрмагунча, бу масала ҳал бўлди дейишга эрта.
• Қоғозбозлик. Сананг: синф журнали, синф раҳбари папкаси, синф раҳбари журнали, синф раҳбарининг тарбиявий иш (соат) ҳужжатлари, ўқувчиларнинг кундалик дафтари назорати, ота-она билан ишлаш дафтари, дарс конспекти, йиллик режа, педагогик соат, дарс таҳлили, фанга оид кўргазмалар, паст ўзлаштирувчилар, бўшлиқ билан ишлаш режаси ва дафтари… у ёғига сабрим чидамади.
Ҳайрон қоламан, биз XXI асрда яшаяпмизми ё ўрта асрларда? Ҳар томондан инновациялар инқилоби кузатилаётган бир даврда шунча қоғозни ким тўлдиради? Ўқитувчи-да, албатта, дейсиз. Ишонамиз. Аммо ким шунча қоғозни ўқиб чиқади? Ҳеч ким. Шунчаки қоғозбозлик. Электрон маълумотлар банкини яратиш, аудио ва видеотизимлар ўрнатиш каби инновацион технологияларни жорий этиш орқали шу қоғозларни 90 фоизгача қисқартириш мумкин-ку. Жуда бўлмаса, ёрдамчи ўқитувчи иш ўрнини яратиш керакмикан, агар шунча қоғозни тўлдириш чиндан ҳам жуда зарур бўлса.
Нима бўлганда ҳам, иш қилишдан кўра қилинган-қилинмаган иш ҳақида ёзишга кўпроқ вақт ва куч кетиши — бемаънилик. Буни ҳамма айтяпти, ёзяпти, аммо ислоҳ этилмаяпти, лойиҳа тайёрланмаяпти, инвестициялар қидирилмаяпти, хуллас, муаммони бартараф этиш йўлида зарур чоралар кўрилмаяпти.
• Жамоатчилик ишлари. Уйма-уй юриб маълумотлар йиғиш, турли оммавий тадбирларда “фон бўлиб туриш”, ҳар хил танловлар, семинарлар ва бошқа ҳисобот учун қилинадиган ишларда мажбуран иштирок этиш, турли қонун ва қарорлар ижросини маҳаллама-маҳалла юриб текшириб, ҳисобот тайёрлаш… Экин, пахта мавсумларидаги ташвишларни-ку, айтмай қўяқолайлик. Буларни ўқитувчи қачон қилади? Дарсдан ва қоғозбозликдан бўшаган вақтидами? Тадбирлар қачон ўқитувчининг вақтию имкониятига қараб ташкил этилган? Албатта, бари ўқитувчининг ўз устида ишлаши ва дарсга тайёрланиши учун зарур вақт ҳисобидан бўлади.
• Ортиқча масъулият. Ижтимоий тармоқдан: “10 йилча олдин аям мактабда ишларди. Бир бола оилавий можаро сабабли ўзини осиб қўйган (дарсдан ташқари вақтда, ўз уйида). Комиссия мактабни ағдар-тўнтар қилиб раҳбариятга нима деган, биласизларми? “Ҳар бир ўқувчи қачон ўзини ўлдириши мумкинлигини бугун кўзига қараб туриб аниқлай олмасаларинг, мактабда ишлашга ҳаққингиз йўқ”, – деган.
👉Дўстлар билан баҳам кўринг
♻️ @USTOZLARGA
http://t.me/maktab43